Krill Lotin

 

1. Матмусанинг қишлоғи

Донишқишлоқ деган жой

Бордир бизнинг томонда.

Ўша қишлоқ аҳлидек

Доно халқ йўқ жаҳонда.

Жўяк тортиб томига

Макка эккан ўшалар.

Калишини перронга

Ечиб кетган ўшалар.

Юз қоп ганчни бир йўла

Сувга қорган у ерлик.

Эчкисини сартарошга

Олиб борган у ерлик.

Кўриб минораларни

Ўша ерлик улуғлар,

Деган: «Булар тескари

Туриб қолган қудуқлар».

Томдан бошлаб уй қурмоқ

Бўлиб тиккан хавоза,

Девори йўқ ҳовлига

Ўрнатган ҳам дарвоза;

Ойга чиқмоқ йўли бор,

Жуда осон деган ҳам,

Темир йўлни кўтарса,

Тайёр нарвон деган ҳам,

Машинаси бор туриб

Миниб юрган хачирга,

Хизмат қилган «Волга»си

Эшакка ем таширга,

Пашшага сопқон отган,

Қопқон қўйган чивинга,

Алмаштирган саррофдан

Ўтган кунни индинга,

Ой нурига хум тутиб,

Умид қилган пишлоқдан —

Соҳибхаёл фаришта

Ўша Донишқишлоқдан.

Донишқишлоқ қаерда?

Ўзимизнинг томонда.

Ўша қишлоқ халқидек

Доно халқ йўқ жаҳонда.

Ақл кўплик қилса, бош

Ёрилади деб ҳалак —

Бошларига донишлар

Кийиб юрар чамбарак.

Содда деманг уларни,

Улар содда бўлмайди.

Кулдирса ҳам сизларни,

Ўзлари ҳеч кулмайди.

У машҳур Алдаркўса,

Калкўсанинг қишлоғи.

Ўзимизнинг қаҳрамон

Матмусанинг қишлоғи.

Китоб бўлар таърифи,

Ёзса минг бир саҳифа.

Донишларнинг ишидан

Тингланг уч-тўрт латифа...

 

 

• Bosh sahifaga • Матмуса 1 • Матмуса 2 • Матмуса 3 • Матмуса 4 • Матмуса 5 • Матмуса 6 • Матмуса 7 • Матмуса 8 • Матмуса 9 • Матмуса 10 • Матмуса 11 • Матмуса 12 • Матмуса 13 • LOTIN •

Hosted by uCoz