Birinchi raqamli hikoya
Lotin Крилл Mundarija

Заводга директор келди...

Анча мунча довруғи кетган компаниянинг бир алоҳида кичикроқ заводига бир куни директор келди.

ҳамма жойни кўздан кечирди, иш жараёнининг бориши, маҳсулотларни етказиб бериш даражаси ва хоказолар. Кейин жўнаш олдидан завод ховлиси ўртасига тўртбурчак холатида териб қўйилган 4 та ғишни кўриб қолди ва дафтарига нималарнидир қайд қилиб кетди. Офисга қайтиб келгач, бошлиқ ёрдамчисини чақирди ва фалон заводдаги ҳовлида 4 та ғишт турибди шуни олиб ташланглар деб буюрди. Кейин бошлиқ ўринбосари завод бош инженерига, бош инженер, бўлим бошлиғига, бўлим бошлиғи мастер (бош уста)га, мастер шогирдига, шогирд эса ҳовлидаги қоровулга буюрди. Шундан сўнг қоровул бориб ҳовлидаги 4 та ғиштни олиб ташлади.

Ва ниҳоят 4 та ғишт олиб ташланганлиги тўғрисидаги маълумотни қоровул мастер шогирдига, шогирд мастерга, мастер ўз навбатида бўлим бошлиғига, бўлим бошлиғи бош инженерга, бош инженер бошлиқ ўринбосарига маълумотнома орқали, бошлиқ ўринбосари эса директорга узундан-узун билдиришнома орқали етказди. Шундан сўнг директор компания кенгашини чақиртирди ва ёрдамчисини ишга нисбатан масъулиятлиги учун унга каттагина ойлик ҳамда мукофот пули ажратди.

Анчадан кейин компанияга янги директор сайланди. Ва янги директор заводларни айланиб юриб, ҳалиги заводда бир четда ётган тўртда ғиштни кўриб қолди ва у ҳам ён дафтарига нималарнидир қайд этиб кетди. Офисга қайтиб келгач ҳалиги заводдаги тўртта ғиштни олиб ҳовли ўртасига супа шаклида қўйиб қўйишни буюрди. Бу ҳодимларга дам олишларида анча қулайлик яратишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Ва бу буйруқ юқоридаги тарзда айланиб келиб яна қоровул Мамарасулга юклатилди. Лекин бу сафар Мамарасул ҳаммани лол қолдирди. У «Йўқ, олиб ташламайман, нима мен 4 та ғиштни у ёқдан олиб юраверадиган аҳмоқ эмасман» деди. Шундан сўнг Мамарасул ишдан олиб ташланди. Ва унинг ўрнига янги ишчи қидириш бошланди. Бунинг учун компания телевидениеда реклама, газеталар эълонлар берди. Компания қошидаги маданият саройида катта танлов, ва танлов иштирокчилари учун кечқурун базм уюштирилди. Танлов шартларига кўра янги олиниши керак бўлган ишчи айтилган ишларни сўзсиз бажариши, ишга ситқидилдан кириша олиши ва албатта ғишт кўтара олиши керак эди. Ва ниҳоят танловда бир кишини танлаб олинди. Янги қоровул ўша кундан бошлаб ишга киришди. Катта хашар уюштирилиб бир кунда завод ховлиси ўртасига лойдан каттагина супа қурилди. Янги супани очилишида директор узун нутқ сўзлади ҳамда компаниянинг барча ҳодимларига касаба юшмаси томонидан ош тарқатилди.

Лекин эртаси куни завод ишчиларининг ҳаммаси мотам кайфиятига тушиб қолишди. Чунки кечагина қурилган ва ҳали қуриб улгурмаган супани қайсидир юк машинаси юкларни юклагани кирганда эзғилаб бузиб кетганди. Ўша куни компания байроғи тушириб қўйилди ҳамда бузилган супа учун мотам тутилди. Ва хотира сифатида супа қурилган жойга ёдгорлик ўрнатилди.

Hosted by uCoz