[Eng yangilari] [Yangilari] [Muxlislar Ijodi] [Matmusa Interneda] [Nasriddin Afandi] [Aralash-quralash] [Maktab latifalari] [Shifokorlar hayotidan] [Gobrova latifalari] [Jinnixona latifalari]

Krill Lotin

 

НАСРИДДИН  АФАНДИ

(Халқ  оғзаки  ижодидан)

 

 

МУДДАТ  ТУГАДИ

— А-ҳа, қўлга тушдингми?— деди Насриддиннинг дўстларидан бири. — Пиво ичаяпсан! Ўзинг айтгандинг, пиво ичишни доктор тақиқлади, деб. Демак, сен бюллетенни бир неча кунга чўзмоқчисан!

— Тақиқлагани тўғри. Лекин бюллетенни чўзиш тўғрисидаги гапинг нотўғри. Бундан ташқари, доктор менга ичишни тақиқгандан кейин кўп ўтмай қазо қилди. Хўш, у ўлгандан кейин ҳам буйруғига бўйсунишим керакми?...

 

ЭНГ МУҲИМИ — ТЕКИНГА...

Пулга ўчлиги билан машҳур бўлган таниқли врачни учратиб қолган Насриддин қизиқсиниб ундан сўради:

— Дўхтир, масалан, айтайлик, сизнинг ўзингиз шамоллаб қолдингиз деяйлик, хўш, унда қандай даволанасиз?

Врач қандай даволанишини ипидан-игнасигача гапириб берди.

— Яхши маслаҳатингиз учун сизга катта раҳмат,— миннатдорчилик билдирди Насриддин.— Энг мухими, яна текинга-я...

 

РОСТ БЎЛСА

Маърузачи шундай деди:

— Азизларим, ҳаяжонланмасликка, асабийлашмаслик-ка, ўз кайфиятингизни бузмасликка ҳаракат қилинг. Эр-хотин ўртасидаги беш дақиқалик жанжал умрни бир ҳафтага қисқартиради... .

— Агар бу гап чинданам рост бўлса,— деди Насриддин ёнида ўтирган кишининг қулоғига шивирлаб,— мен бу ерга тўппа-тўғри нариги дунёдан келиб қолган эканман-да.

 

ТУШУНАРСИЗ  ҳОЛ

— Менинг хотинимни яхшилаб бир кўриб қуйсангиз,— дея илтимос қилди Насриддин врачдан.— Унда қандайдир ғалати одатлар пайдо бўлиб қолди.

— Хўш... Масалан, қандай одатлар?

— Биласизми,— тушунтира бошлади хотинига меҳрибон бўлган Насриддин, — илгари у чакаги чакагига тегмай жаврагани-жавраган эди, мен ҳам бунга кўникиб қолган эдим. Энди эса гапиради, гапиради-да, бирдан жим бўлиб қолади. Бунинг сабаби нимада?

 

МЕНГА  ҚОЛГАНИ  ШУ  ЭКАН...

Насридиннинг қулоғи оғриб, шишиб кетди. Унинг наштардек тилига кўп марта дучор бўлган қўшниси буни кўриб қолиб, истеҳзо билан деди:

— Вой-бў... Мулла Насриддин, бунақанги антиқа эшак қулоқни қаердан топдингиз?

— Э-э, сўраманг, қўшнижон,— деди унга жавобан Насриддин,— Эшакнинг миясини сиз еб қўйган экансиз, менга фақат қулоғи қолибди...

 

ЗАРУРИЙ ШАРТ

— Доктор,— деди кулимсираганча Насриддин,— нимага менга тилингни чиқаргин, дедингиз-у, ўзингиз унга қиё ҳам қараб қўймадингиз?

— Рецепт ёзиб бергунимча бир паст жим туришингизни хоҳлагандим,— деди врач ҳам кулимсираганча.

 

ДАВОСИ  ОСОН...

Насриддиннинг хотини тўлғоқ тутарди-ю, лекин у ҳеч туға олмасди.

— Бунинг давоси осон,— деди Насриддин.— Бир лаҳзада топиб келаман буни.

Шундай деб, у уйдан югуриб чиқиб кетди-да, бир ҳовуч ёнғоқ сотиб олиб келиб, хотинининг ёнида ғамга ботиб ўтирган қариндошларига тутқазиб, деди:

— Буни хотинимнинг оёқ томонига қўйиб қўйинглар. Бола ёнғоқни кўриши билан ўзи югургилаб чиқади.

 

топишмоҚ

Бир киши Насриддинга деди:

— Эшитишимга қараганда, хотинингиз ақлдан ажрабди.

Насриддин унга жавоб қайтармай, чуқур ўйга чўмди.

— Нимани ўйлаб қолдингиз?— сабри чидамай сўради бояги киши.

— Ўйлаймай бўладими,— дсди Насриддин.— Хотиним туғилганда ўзи ақлсиз бўлиб туғилган, шундай бўлгач, қандай қилиб ақлдан ажраши мумкин. Мана шуни ўйлаяпман.

ЭНДИ  ҳОЖАТИ  ЙЎҚ

Насриддиннинг хотинини юраги бирдан хуруж қилиб қолди. Насриддин ташвишланиб табибни чақириб келгани йўл олди. У эшикдан чиққан ҳам эдики, хуруж ўтиб кетди. Заифа дарров дераза ёнига югуриб келди-да,

зинғиллаганча  кетаётган  Насриддиннинг  орқасидан  бақирди:

— Яхши бўлиб қолдим. Табибни чақирмай қўя қолинг.

Насриддин унинг гапини эшитди-ю, бари бир табибнинг уйига бориб, уни чақирди. Табиб унинг олдига чиққач эса, шундай деди:

— Хотимнинг юраги хуруж қилиб қолганди. Сизни чақиргани келаётгандим, бирдан у деразадан: "Яхши бўлиб қолдим, табибни чақирмай қўя қолинг",— деб бақириб қолди. Энди сизнинг боришингизнинг ҳожати йўқ, шуни айтгани келгандим.

 

СОҒЛИҚ  ГАРОВИ

Насриддин ваъз айтар экан,  шундай насиҳат қилди:

— Соғлиқни сақлаш учун тўрт шартга риоя қилиш зарур, яъни ёқни иссиқ, бошни совуқ тутиш, меъёридан ортиқ емаслик ва кўп ўйламаслик керак.

 

БУНДАНАМ  БАТТАР...

Насриддин ер ҳайдаётганди. Оёғига тикан кириб кетди. У тиканни бир амаллаб чиқариб ташлаб, оёғини боғлади-да, худога ҳамду сано ўқий бошлади: "Ўзингга шукур, яхшиям оёғимда янги бошмоғим йўқ экан, бўлмаса уни тикан йиртиб юборарди..."

 

БЕМОРНИ  ДАВОЛАШ

Насриддин касал бўлиб қолди. Уни қариндошлари кўргани келишди-ю, кетишни хаёлларига ҳам келтирмай, гаплашиб ўтираверишди. Тушлик пайти яқинлашиб қолди. Шунда Насриддин ўрнидан турди-да, уларга миннатдорчилик билдириб, деди:

— Худога шукур, сизларнинг пойқадамингиз ёқиб, тузалиб қолдим. Энди хотиржам бўлиб, уйларингизга бемалол кетаверсангиз бўлади.

 

ЯҚИН  ОРАДА  ТУЗАЛМАЙДИ...

Насриддинни бир қишлоқда мартабали азиз меҳмон сифатида кутиб олишди. Роса меҳмон қилишди. Қорни ёрилгудек бўлган Насриддин шу куни ҳаддан ташқари чарчади. Уй соҳиби унга олти яшар ўғли ётадиган уйга жой солиб берди. Насриддин бошини ёстиққа қўйиши билан ухлаб қолди. Бироқ ярим кечада заҳар танг қилиб уйғониб кетди. Ташқарига чиққан ҳам эдики, эшакдек ит унга ташланди. Орқасига қайтиб киришга мажбур бўлди. Кейин яна бир нечта марта ташқарига чиқмоқчи бўлди, бироқ ит бунга йўл қўймади. Охири у чидай олмай, шундай кунга қолганига лаънатлар ўқиб, қовуғини болакайнинг ўрнига бўшатди.

Эрталаб уй эгалари боланинг ўрни ҳўл бўлиб қолганини кўришди-ю, ўғлимиз ҳеч сийиб қўймасди, демак у касал бўлиб қолибди, деб ўйлаб, унга ҳар хил дориларни ичира бошлашди. Буни кўрган Насриддин чидаб туролмади-да, деди:

— Ўғлингиз ҳали-вери тузаладиганга ўхшамайди. Агар уйга келган меҳмонни шаробу кўк чой, ошу асал билан сийлайверсангиз, бунинг устига ҳовлингизда эшакдек қопонғич ит бўлгач, ўғилчангизга ичираётган дориларингиздан биронтаси ҳам унга наф қилишидан умид қилмасангиз бўлади.

 

АҚЛЛИ  МАСЛАҳАТ

Бир киши Насриддинни кўриб қолиб, маслаҳат солди:

— Нимаики емай, бари бир ошқозоним ҳазм қилмаяпти. Нима қилсам бўларкин?

— Бундан кейин фақат ҳазм бўладиган овқатни енг,— деб маслаҳат берди Насриддин.

 

НАСРИДДИН — ТАБИБ

Бир қишлоққа очиқиб кириб келган Насриддин қишлоқ оқсоқоли оғир бетоб эканлигини эшитиб қолди.

— Мен — табибман,— деб эълон  қилди   у  ўзини.— Қишлоқда касаллар борми?

Уни шу заҳотиёқ беморнинг ҳузурига бошлаб боришди. Бу пайтда уйда нон ёпишаётганди.

— Дарров иссиқ нон, сариёғ билан асал келтиринглар,— бу-юрди Насриддин.— Булар жудаям зарур.

У қорнини тўйғизиб, дуо ўқиди-да, деди:

— Бугун бемор анча енгил тортди, эртага келганимда унга дори ичираман, ўшанда у ҳеч нимани кўрмагандек тузалиб кетади.

У ҳали гапини тугатмаган хам эдики, беморнинг жони узилди.

— Уни нима қилиб қўйдинг?— дод-вой кўтаришди марҳумнинг қариндошлари.— Яна, анча енгил тортди, дейишингга бало борми!

— Асти гапирманг,— деди Насриддин бунга жавобан,— буларнинг ҳаммаси қайғули. Лекин бир нарсани билиб қўйинг: агар ҳозир дуо ўқимаганимда ўзим очликдан ўлган бўлардим. Ана ўшанда, битта марҳум камдек, у иккита бўлиб қолса сизларга осон бўлармиди...

 

ЁҚИБ   ҚОЛДИ

Насриддин табибнинг ҳузурига келиб, томирини кўриб қўйишини илтимос қилди-да, қўшиб қўйди:

— Кейин қандай касалим борлигини айтинг.

— Сиз бор-йўғи очсиз,— деди табиб, — ҳозир тушки овқат пайти, менинг меҳмоним бўлинг.

Улар биргаликда овқатланиб бўлишгач, Насриддин уйига кета туриб, табибга деди:

— Сизнинг қўлингиз жудаям енгил экан, мени бир пасда тузатиб қўйдингиз. Уйимда яна бир неча киши худди шундай касаллик билан оғриган. Уларни ҳам сизнинг олдингизга юбораман.

 

КУЛГУ  ВА  КЎЗ   ЁШИ

Бир неча киши даладан топиб олишган компасларини кўтариб, Насриддиннинг олдига олиб келишди:

— Бу қанақа нарса, нима деб ўйлайсиз?

Насриддин хаёлга толди, кейин бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди. Лекин орадан кўп ўтмай, кўз ёшларини қўли билан артида, хахолаб кулишга тушди.

— Сизга нима бўлди?— ажабланиб сўрашди ундан.

— Бир йиғлайсиз, бир куласиз...

— Олдинига,— деди Насриддин,— омилигингизга, бу нарса нимага ишлатилишини билмаганингизга йиғладим. Кулишимнинг боиси, бу нарса нималигини ўзим ҳам билмас эканман.

 

МЕН  ҳАМ...

Боши аралаш жағини бойлаб олган Насриддин кўчада кетаётганди, бир таниши учраб қолиб деди:

— Худонинг ўзи умрингизни узоқ қилсин. Нимага афт-башарангизни боғлаб олдингиз?

— Мана тўрт кунки,— деди Насриддин ҳасратидан чанг чиқиб, — тиш оғриғидан қутула олмаяпман.

— Агар менинг тишим оғриса, — деди Насриддиннинг таниши,— шартта олдириб ташлаган бўлардим.

— Агар сизнинг тишингиз оғриса,— деди Насриддин,— мен ҳам шартта суғуртириб ташлаган бўлардим.

  

ЎРИНСИЗ  ЎҚИЛГАН  ШЕЪР

Насриддин тиззаси оғриётган беморни кўриш учун борди.

— Сенинг касалинг тўғрисида,— деди у, — араб шоири Жариснинг ажойиб шеъри бор, унинг қандай бошланишини фақат мен биламан.

— Шу билганингни ўзинигина аитиб бера қол, — илтимос қилди бемор. Шундан сўнг Насриддин ёддан ўқий бошлади:

— Тизза оғриғига йўқдир даво...

Буни эшитган бемор шу заҳотиёқ деди:

— Бўлди, бўлди. Ўша шеърнинг бир мисраси ҳам ёдингда қолмагани маъқул эди...

 

КЎНГИЛ   СЎРАШ

Бир бой қария касал бўлиб қолди. Буни эшитган Насриддин ҳол-аҳвол сўраш учун келди. Кетаётганда эса, беморнинг уйидагиларга таъзия билдирди.

Бола-чақалари Насриддинга дейишди:

— У киши ҳали ўлгани йўқ-ку, нимага таъзия билдиряпсиз?

— Гапимга тушунмадинглар,— деди Насриддин,— мен унинг умрбод роҳат топишини ўйлаб, сизларга таъзия билдириб, дуо ўқидим. Бундан ташқари, у ўлиб-нетиб қолса, яна таъзия билдириш учун келишга вақтим бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳозир бир йўла ҳаммасини қилиб кетганим маъқул.

 

ҳОЛДАН  ТОЙИШ  КАСАЛЛИГИ

Ошнаси билан қўшни шаҳарга йўл олган Насриддин бирдан ўт устига ётиб олди-да, жўрасига деди.

— Мен жудаям чарчадим. ҳолдан тойдим — шунақанги касалликни эшитганмисиз? Бунинг давоси — шу яқин атрофдаги қишлоқдан ейдиган бирор нарса олиб келиш керак.

— Унақа бўладиган бўлса,— деди ошнаси,— ўрнингиздан туринг, гўшт олиб келинг. Мен овқат тайёрлаб бераман.

— Ахир сизга айтим-ку, — деди унга эътироз билдириб Насриддин,— касалман, ҳолдан тойганман, деб. Энди айтган нарсангизни ўзингиз олиб келишингизга тўғри келади.

Ошнаси харажат қилиб келганда Насриддин ухлаб қолганди. Ошнаси уни уйғотиб, деди:

— Гўшт, яна у-бу нарсаларни олиб келдим. Ўрнингиздан туринг-да, гўштни қовуриб енг.

— Одам деган ҳам шунчалик фаҳм-фаросатсиз бўладими?— ажабланиб деди Насриддин.— Уни пиширишга куч-қувватим йўқ. Неча марта айтишим керак — ҳолдан тойганман деб. Бунинг устига умримда кабоб пиширмаганман — гўштнинг ҳаммасини куйдириб юбораман.

Ошнаси кабобни тайёрлади, пишираётганда эса Насриддинга деди:

— Барака топкур, ҳеч бўлмаса булоқдан сув олиб келиб, чой қўйиб юборинг.

Насриддиннинг пешонаси тиришди.

— ҳолдан тойганман, деб минг марта гапиряпман, сиз эса бунинг маъносига тушуниб етмаяпсиз. Сувниям ўзингиз олиб келишингизга тўғри келади.

Ошнаси сув олиб келиб, чой қўйди. Кейин жаҳл билан деди:

— Энди, марҳамат қилиб, ўрнингиздан туриб, овқатланиб олинг.

— ҳамма илтимосларингизни боядан бери рад қилаётгандим,— деди Насриддин.— Бу илтимосингизга ҳам йўқ дейишга бетим чидамаяпти.— У шундай деб, томоғини қириб йўталиб қўйди-да, шоша-пиша кабобни тушира бошлади.

 

ЧЎНТАК  КЎТАРМАЙДИ

Таниқли доктор ҳали ном қозонмаган ёш врачнинг ҳузурига келди.

— Сизнинг ҳузуримга келишингизнинг ўзи менга катта бахт,— деди ёш врач.— Лекин нега сиз ўзингизни ўзингиз даволамайсиз?

— Биласизми,— деди таниқли доктор,— даволаганим учун беморлардан жуда катта пул оламан, Ўзимни ўзим даволайдиган бўлсам, унга тўлашга пулни қаёқдан топа-ман.

 

ҳАЛИ ВАҚТ БОР...

— Доктор, анча яхши бўлиб қолдим. Даволаганингаз учун сизга қанча тўлашим керак?

— ҳали вақт бор, шошилманг. ҳақ тўлаш учун куч-қувватга тўлганизча йўқ.

 

МУВАФФАҚИЯТ  СИРИ

— ҳамкасаба, мен йўқ пайтимда ўрнимни билдирмай, мен қандай ишласам, сиз ҳам шундай ишлашингизни хоҳлардим.

— Ўқишни эндигина битириб келдим, ҳали ҳеч қанақанги тажрибам йўқ-ку...

— Бунинг аҳамияти йўқ. Мижозларимнинг ҳаммаси олифталар. Эркакларга гольф ўйнашни, аёлларга эса денгиз соҳилига боришлари зарурлигини айтсангиз кифоя.

 

Hosted by uCoz