4. Матмусанинг чархпалаги
Полвон эди Матмуса,
Тўрт фил кучи жам эди.
Қишлоқда энг зўр, аммо
Ақли бир оз кам эди.
Матмусани шундан ҳеч
Кўзга илмас эдилар.
Қўрқсалар ҳам ундан, ҳеч —
Ҳурмат қилмас эдилар.
Бир кун деди Матмуса,
Шундай кучга эгамен.
Шуҳратим йўқ эл аро,
Беобрўман нега мен?
От кўтардим тиш билан,
Кулди фақат одамлар.
Арзимаган иш билан
Топди ҳурмат одамлар.
Энди мен ҳам киришай,
Ҳайрон килай ҳаммани.
Доно бўлиб бир ўзим,
Нодон қилай ҳаммани.
Бўз ариқда кўп замон
Бор эски бир чархпалак.
Кўрибдики, бир томон
Айланар у ғилдирак.
Балки минг йил нарида
Айлангандир шу йўсин.
Матмусанинг даврида
Янгилик бир иш бўлсин.
Турди бир оз ўй суриб,
Юрди шахдам илгари.
Чархпалакни суғуриб
Шартта қўйди тескари.
Бу ижоддан эл дарак —
Топди сахар паллада.
Жадал чопар чархпалак,
Лекин сув йўқ далада.
Уйлар ахли уламо
Тузатмоқнинг йўлини.
Мағрур турар Матмуса
Белга қўйиб қўлини.
Ким чархпалак косасин
Ялпоқ қилиш керак, дер,
Ким косага осма сим
Қопқоқ қилиш керак, дер.
Дер идроки энг юксак
Қашиб туриб каллани:
— Дарёни сал кўтарсак.
Сал туширсак далани...
— Йўқ, иш битмас «сал» билан!
Қишлоғимиз эрлари —
Чархпалакни гал билан
Айлантирсин тескари.
— Йўқ, кучимиз ожизроқ,
Қийналмасин эл жони.
Тескарига оқизмоқ
Тўғри бўлар дарёни...
Эмиш, ҳамон қилар баҳс
Ўша қишлоқ эрлари.
Чархпалак-чи, сув бермас,
Айланармиш тескари.
•