5. Матмусанинг тандири
Матмусага бир куни
Хотини: «Ҳой, эр, — деди.
Ҳаммада бор, менга ҳам
Тандир қуриб бер», деди.
Пишиқ эди Матмуса,
Бошга қўйиб қўлини,
Ўйлаб топди энг арзон
Тандир қурмоқ йўлини.
Деҳқончилик сомон, жун,
Лой қоришни билади.
Ўзи тайёр қолип-ку,
Нега пул сарф қилади?
Лойни қорди, ишлатиб —
Занг кетмону пақирни.
Сўнг офтобга чўк тушиб,
Болаларни чақирди.
Қийқиришиб болалар
Атрофида чопдилар.
Қорни, бўйни аралаш
Лойшувоқни ёпдилар.
Бундоқ тандир бўлмаган,
Йўқдир ҳеч бир китобда.
Тандирини Матмуса
Қуритади офтобда.
Қотган сари танда лой,
Ҳар бир мўйи жимирлар.
Чиғаноқ қурт сингари
Фақат боши қимирлар.
Кўп қийналди Матмуса,
Мард эмасми — чидади.
Тандир тайёр, энди мард
Ундан қандоқ чиқади?
Пилла ёрар капалак,
Қил суғрилар хамирдан.
Лек Матмуса чиқолмас
Ўзи қурган тандирдан.
Етар етти қўшнига
Унинг нола-хониши.
Маслаҳатга йиғилар
Қишлоқ аҳли дониши.
Қим дер: Э вох, бечора,
Ким дер: Кўринг тақдирни.
Бахс бошланди — масала:
Бутун олмоқ тандирни.
Охир деди бош ҳакам
Чимирганча қошини: —
Бир чора бор: арраланг
Матмусанинг бошини.
Майли, деди Матмуса,
Рози бўлмай нетайин,
Билмадинглар қадримни,
Ҳамманг жинни, бетайин.
Кессангизлар бошимни,
Мен ниятга етарман.
Бошим олиб бу ердан
Бирор ёққа кетарман.
•