13. Матмусанинг мехмондўстлиги

Меҳмон жуда азиздир

Донишқишлоқ томонда

Дерлар, майли биз ўлсак

Меҳмон бўлсин омонда.

Мана, шаҳарлик меҳмон

Қишлоқ кезиб юрибди.

Унга гўзал табиат

Маъқул бўлиб турибди.

Айниқса тўпалон сой

Меҳмонга ёқиб кетди,

Ох-оҳ деб сувга тушди,

Тушди-ю оқиб кетди.

Гоҳ чўкар, гоҳ кўринар,

Дод солар: «Қутқарингиз»,

«Спасите», «даст бидеҳ»,

«О май френд, SOS, плиз».

Испанча, португалча,

Лотинча қичқиради

Белни ушлаб Матмуса

Ҳайрон бўлиб туради.

«Шунча тилда додлашни

Ўрганиш ҳавасмиди,

Ундан кўра сузишни

Ўргансанг бўлмасмиди».

Ўлар ҳолга етганда

Сув кириб томоғидан

Меҳмонни олиб чиқди

Ушлаб бўйин боғидан.

«Шаҳарлик шаҳарликда»

Дер Матмуса кўнглида,

Керакли арқонини

Олиб юрар бўйнида.

Қирғоққа чиқди шошмай

Сўнг ақлини юритиб

Арқонидан дарахтга

Осиб қўйди қуритиб.

 

• Bosh sahifaga • Матмуса 1 • Матмуса 2 • Матмуса 3 • Матмуса 4 • Матмуса 5 • Матмуса 6 • Матмуса 7 • Матмуса 8 • Матмуса 9 • Матмуса 10 • Матмуса 11 • Матмуса 12 • Матмуса 13 • LOTIN •

Hosted by uCoz