8. Қизиқувчан Матмуса
Оппоқ кўйлак, янги шим
Кийиб олиб байрам кун,
Уйга қайтар Матмуса
Ширин бўлиб кечқурун.
Қайтар завққа қўшиб завқ,
Ҳам куч қўшиб кучига.
Бир пайт кўрса, аллаким
Симёғочнинг учига —
Қоғоз осиб қўйибди,
Икки қатор ёзиб хат.
Ўқимоққа Матмуса
Ҳарчанд қилар ҳаракат —
У томондан қарайди,
Қарайди бу томондан.
Билмай кетса не хат бу,
Чиқа олмас армондан.
Қизиқувчан иштиёқ
Унга тинчлик бермасди.
Кўйлакни ҳам аямай
Симёғочга тирмашди.
Чиқди, кўрди, ўқиди,
Ким ақлдан озибди?
«Эҳтиёт бўл, симёғоч –-
Бўялган», деб ёзибди.
Ўқидию танидан
Чиқиб кетди муздек тер,
Уйга келиб дафтарга
Ёзиб қўйди тўрт йўл шеър:
«Эй, одамлар, билишдан
Ўзингизни тийманглар.
Қизиқувчан бўлсангиз,
Янги кўйлак кийманглар!»
•