7. Матмусанинг уйланиши
Сафар қилди Матмуса
Олисдаги шаҳарга.
Ул шаҳарда йўлиқди
Бир ҳур пари-пайкарга.
Бўйдоқ эди Матмуса,
Узоқ турмай ўйланиб,
Қишлоғига қайтди у
Ул санамга уйланиб.
Хеч гап эмас бахт келса,
Айтар омад деб буни:
Уч ой ўтмай жононнинг
Яқинлашди ой-куни.
Ҳамма ҳайрон, ҳамма лол:
«Биз бир йилча кутардик,
Матмусанинг хотини
Чиқиб қолди ударник».
Не экан деб, шошилиб
Зарбдорликнинг бу сири,
Чопиб келди суҳбатга
Донишгазет мухбири.
«Биз ҳам четда эмасмиз,
Биз ҳам шерик меҳнатга», -
Деб Матмуса тиржайиб,
Қўшилади суратга.
Эртасига бу хабар
Тарқаб кетди ҳар ёкда.
Сарлавҳа ҳам чиройлик:
«Илғор ўрнак — қишлоққа».
Хат ёғилар эрлардан:
«Ташаббусни қўллаймиз!
Хотинларни тажриба
Алмашишга йўллаймиз!»
Алвон-алвон шиорлар
Пайдо бўлар ҳар жойда:
«Янгиликка — катта йўл!»
«Тўққиз ойни — уч ойда!»
Ҳайъатларда кеккайиб
Яйраб юрар Матмуса.
Биз ундоқ, биз бундоқ деб
Сайраб юрар Матмуса
Алқисса шу — баъзида
Шундай бўлиб қолади —
Биров қилиб меҳнатни,
Биров обрў олади.
•