6. Тандир кийган Матмуса

Ўзи тандир қуролмай,

Кўниб охир тақдирга,

Шаҳар томон йўл олди

Матмусавой тандирга.

Тандир бозор қизиган,

У тушгача айланди.

Ва нихоят бозорнинг

Зўр тандири сайланди.

Чертса, уч кун жаранглар,

Бир умрга етади.

Лекин уни қишлоққа

Қандай олиб кетади?

Ўйлаб кўрса, эшакка

Ортмоқнинг йўқ чораси.

Ортганда ҳам арқонлаб

Тортмоқнинг йўқ чораси.

Аҳли бозор йиғилди,

Қизиб кетди маслаҳат.

Барчада бир шу ташвиш,

Ҳаммада шу ўй фақат.

Кенгашилди, ўйланди,

Миндирилди охири

Эшагига — Матмуса,

Матмусага — тандири.

У шод, бундоқ тадбирни

Топмас энг зўр топқир ҳам.

Ўзи яёв қолмади,

Зап ўрнашди тандир хам.

«Ҳайё-ҳайт» деб йўл олди

Донишқишлоқ томонга.

Мана, тандир ичидан

Қараб борар осмонга.

Ҳар қанчаки интилар

Матмуса йўл кўролмас.

Менинг уйим қанда? — деб

Одамлардан сўролмас.

Кетиб борар таваккал,

Кўкка қараб «Тангрим! — дер,

Мени қилма шарманда,

Эшагимга ақл бер».

Бедапоя кўрганда

Эшак шўрлик нетади?

Қишлоқ қолиб Мағрибда,

Машриқ томон кетади.

Кун ботару шом тушар,

Юлдуз чиқар осмонга,

Ҳамон борар Матмуса,

Етмас манзил-маконга.

Дейдиларки,то бу дам

Йўлда эмиш Матмуса.

Боши ҳам йўқ, чеки йўқ

Чўлда эмиш Матмуса.

Аё дўстлар, адашган

Бир мўминдан кулмайлик.

Матмусадек ўзимиз

Тандир кийган бўлмайлик!


 

• Bosh sahifaga • Матмуса 1 • Матмуса 2 • Матмуса 3 • Матмуса 4 • Матмуса 5 • Матмуса 6 • Матмуса 7 • Матмуса 8 • Матмуса 9 • Матмуса 10 • Матмуса 11 • Матмуса 12 • Матмуса 13 • LOTIN •

Hosted by uCoz